Ўзбекистонда ота-оналарга ёрдам берадиган мобил илова ишга туширилди

Yangiliklar

ЮНИСЕФ томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ота-оналарга фарзандлари саломатлиги ва фаровонлигининг барча жиҳатлари бўйича экспертлар маслаҳатларини тақдим этувчи Bebbo номли мобил илова ишга туширилди.

Бугун пойтахтимизда лойиҳа ташаббускорлари ва ҳамкорлари, мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида чақалоқликдан ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари ва бошқа ғамхўрлик қилувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур мобил илова тақдимоти ўтказилди.

– Ушбу янги илова ёрдамида барча ота-оналарга фарзандларини вояга етказишдек машаққатли ва масъулиятли вазифасига кўмак бермоқчимиз, – деди ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан. 

– Мен барча ота-оналарни бепул, ишлатиш учун қулай Bebbo иловасини юклаб олишга ва фарзандлари ҳаётининг ижобий бошланишини таъминлашга чорлайман.

Таъкидланишича, ушбу бепул илова ота-оналарни боланинг соғлиғи ва ривожланиши бўйича керакли маълумот ва мутахассислар маслаҳати билан таъминлайди. Шунингдек, илова ота-оналар ва ғамхўрлик қилувчилар учун ўз фаровонлигини таъминлаш бўйича ҳам аниқ кўрсатмаларни ўз ичига олади.

Шунингдек, илова ота-оналарга олинган ва режалаштирилган эмлашлар, ўтказилган тиббий кўриклар ва болалар саломатлигини текшириш ва ривожланишнинг бошқа муҳим босқичларини қайд этиш имконини берувчи функцияларни ўз ичига олади.

– Энг, муҳими, мазкур илова мутахассислар томонидан маҳаллий шарт-шароит ва талабларга мослаштирилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. 

– Ҳар бир ўсаётган болага ғамхўрлик, соғлик ва саломатлик, мақбул овқатланиш ва эрта таълим олиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайдиган рағбатлантирувчи ва хавфсиз муҳит яратиш катта ахамиятга эга. Фойдаланувчилар учун қулай “чўнтак йўриқномаси” бўлган Bebbo мобил иловаси ёш болаларни тарбиялашда катталарни қўллаб-қувватлашга мўлжаллангани билан аҳамиятлидир.

Bebbo иловаси ота-оналарни фарзандларининг ўсиши, ривожланиши ва фаровонлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вақтида сифатли маслаҳатлар билан таъминлайди. Бу, айниқса, хизмат кўрсатувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш мумкин бўлмаганда ёки қийинлашганда, шу жумладан ҳозирги пандемия шароитида жуда муҳимдир.

– Ковид-19 пандемияси даврида ижтимоий хизмат кўрсатувчилар билан алоқа узилиб қолганида, ота-оналарни ўз вақтида сифатли кўрсатмалар билан қўллаб-қувватлаш эҳтиёжи пайдо бўлади. 

Фарзандларининг таълим олиши, соғлиғи ва фаровонлиги борасида тез қарор қабул қилиб, қўшимча масъулиятни ўз зиммаларига олган ҳолда биринчи бўлиб жавоб ҳаракатларини амалга ошириш ота-оналар зиммасига юкланади, – деди Ўзбекистон Республикаси cоғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев. 

– Янги мобил илова коронавирус пандемияси даврида жуда долзарб воситадир, чунки ота-оналар ва ғамхўрлик қилувчиларга мутахассислардан онлайн маслаҳатлар ва ишончли маълумотларни олишга имконият яратади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА