МАЪНАВИЙ ИНҚИРОЗ ЖАРАЁНЛАРИ ВА УЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

Tadbirlar

 

Акбар Эшмуродов,

сиёсий фанлар бўйича

фалсафа доктори (PhD)

 

     Инсоният тараққиётининг ҳозирги даврида дунё мамлакатлари ўртасидаги алоқалар, ўзаро таъсир даражаси шу қадар кучайиб кетдики, бу жараёнлардан тўла иҳоталаниб олган бирорта ҳам шахс, жамият ва давлат йўқ. Ҳаттоки халқаро ташкилотлардан узоқроқ туришига интилган, уларга аъзо бўлишни истамаётган мамлакатлар ҳам бу жараёнлардан мутлақо четда эмас. Шу сабабли, “дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига раҳна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”[1].

Глобаллашув шароитида дунёнинг мафкуравий манзарасини ўзгартирмоқчи бўлаётган вайронкор ва бузғунчи мафкуралар шахс – жамият – давлат хавфсизлиги, унинг тинчлик ва барқарорлигига, тараққиётига жиддий таҳдид солмоқда. Маънавий таҳдидлар шахс – жамият – давлат бирлигига қарши қаратилган асосий хавф сифатида шахс ахлоқий онгида салбий тушунчалар, туйғулар, хусусиятлар ва сифатларни ҳосил қилувчи иллатлар мажмуидир. Айниқса, четдан туриб онгли ва мақсадли равишда уюштирилаётган маънавий таҳдидлар бундай муносабатларнинг асосини ташкил қилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад:

биринчидан, шахснинг маънавий-ахлоқий оламини бузиш;

иккинчидан, ўз ватани ва жамиятига нисбатан ёвузлик фикрини уйғотиш;

учинчидан, миллий ахлоқий қадриятларни бузиш;

тўртинчидан, ўзгалар жамиятини идеал деб, билиш кўникмасини ҳосил қилиш;

бешинчидан, зарарли одатларга ружў қўйдириш.

      Кузатишларимиз шуни кўрсатадики, маънавий таҳдидлар бугунги кунда қуйидаги иллатларни тарғиб қилаётгани билан характерланмоқда: худбинлик, нопоклик, нафс қутқусига учиш, ҳузур-ҳаловатга берилиш, енгил-елпи умр кечиришга даъват, гиёҳвандлик, мутаасиблик, тажовузкорлик, мол-дунёга ўчлик, ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, ахлоқсизликни маданият деб билиш, асл маънавий қадриятларга эскилик сарқити деб қараш, лоқайдлик, маҳаллийчилик, ҳасадгўйлик, бахиллик, сотқинлик, иродасизлик, бепарволик.

     Маънавий-ахлоқий тубан иллатларга қарши шахс ахлоқида энг муҳим инсоний сифат ва фазилатларни шакллантиришга эътибор қилиниши керак. Бундай сифат ва фазилатларнинг асосийларига қуйидагиларни киритиш мумкин: инсонийлик, меҳр-оқибатлилик, эзгулик, ватанпарварлик, ҳақгўйлик, адолатлилик, мурувватлилик, саховатлилик, ватанпарварлик, оилапарварлик, ҳамкорлик, тотувлик, аҳиллик, иноқлик, ташаббускорлик, биродарлик ва фаоллик. Ушбу фазилатлар шахснинг онги ва қалбида сезгирлик, огоҳлик ва ҳушёрлик ҳолатларини ҳосил қилади. Шу маънода маънавий таҳдидлардан шахс ахлоқини ҳимоя қилиш йўлининг энг самарали усули кишида ахлоқий, мафкуравий иммунитетни ҳосил қилишдир.

     Инсоният тарихидан маълумки, қадимдан шахс – жамият – давлат бирлигининг маънавий илдизларига зарба берувчи, уни издан чиқарувчи сиёсий технологиялар мавжуд бўлган. Ушбу сиёсий технологиялар бугунги даврдаги мавжуд технологияларга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ана шундай сиёсий технологиялардан бири АҚШлик социолог Жозеф Овертон томонидан ишлаб чиқилган “Ҳар қандай одатни ҳаётга сингдириш” сиёсий технологияси бўлиб, унга кўра бирор тушунча ё ҳодисани онгга сингдириш бир неча босқичда олиб борилади.

Биринчи босқич: Ақл бовар қилмаслик – ғоя сингдирилаётган жамиятда оммавий тарзда тақиқларни бекор қилишга эришиш;

Иккинчи босқич: Қатъиятлилик  –  олимларни, мутахассисларни фаол тарзда жалб қилиш. Очиқ ва расмий тарзда конференциялар, симпозиумлар уюштириш;

Учинчи босқич: Маъқуллаш ва мақбуллик –  жамиятга хос бўлган “гуноҳ” тушунчаларнинг маъно-мазмунини ўзгартириш;

Тўртинчи босқич: Мантиқийлик –  жамиятда илгари сурилган ғояга нисбатан  турли қарашларни шакллантириш. Қаршилик қилганларни янги ғоялар кушандаси, эскилик сарқити сифатида қоралаш; 

Бешинчи босқич: Стандарт ўлчов –  мазкур ғоя ОАВда фаол  тарғибот қилинади. Унга машҳур одамлар жалб қилинади. Одамлар онгига тегишли маълумотлар сингдирилади;

Олтинчи босқич: Амалдаги норма – ёт ғоялар меъёрий ҳужжатларга киритилади. Қачонлардир ақлга сиғмайдиган воқеъликлар ижтимоий  ҳаётнинг  нормаларига айланади.

Мазкур технологиялардан фойдаланилган ҳолда бугунги кунда дунёда ахлоқсизлик, бузуқчилик ғоялари тарғиб этилмоқда. Юртимизда “англанмаган” ҳолда ушбу технология усуллари орқали турли зарарли ғоялар тарғиб қилинаётганлиги хавотирли ҳолатдир.

     Бот-бот оммавий ахборот воситаларида шов-шувга сабаб бўлаётган ҳодисалар – мактаб ўқувчисининг ўз тенгдошлари ёки ўқитувчисига қўл кўтариши, оилавий ажримлар, чақалоқлар савдоси каби ҳодисалар ана шу маданият таъсирида юз бераётган эмасмикин? Бугун ғарбда истеъмолчилик руҳиятини авж олдириш, “роҳатланиш саноати”ни ривожлантириш, “оломон маданияти”ни кенг ёйиш оқибатида маънавий-ахлоқий таназзул жараёнлари кузатилмоқда. Жиноятчилик, гиёҳвандлик, фоҳишабозлик каби иллатларнинг авж олиши, оилаларнинг бузилиши, туғилишнинг камайиши бунинг яққол далилидир.

Бир пайтлар “жаҳон пролетариати инқилоби” қандай экспорт қилинган бўлса, бугун ёт маданият, беҳаёлик, уятсизлик, шафқатсизлик ва зўравонлик билан боғлиқ ғайриинсоний ғоя ва қарашлар шундай экспорт қилиняпти. Бу “экспорт”нинг айрим кучлар томонидан “ҳақиқий демократия” деб номланаётгани, айни тушунчанинг обрўсини тўкишдан бошқа нарса эмаслигини кундай равшан.  Қолаверса, бу ҳаракатлар кеча ёки бугун бошланмагани ҳам маълум.  

Хўш, жамиятда маънавий таназзулнинг олдини олиш, халқимиз, ёшларимиз онгига Ватанга садоқат, аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий меросга юксак ҳурмат туйғуларини шакллантириш, бор куч ва салоҳиятини мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш учун нималар қилиш лозим, деган савол туғилиши табиий.

     Бу борада “Жамиятда маънавий хавфсизликни таъминлаш миллий концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, миллий қадрият ва анъаналарни турли ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун мақсадли нодавлат ва нотижорат ташкилотларини ташкил этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастурларни амалга ошириш зарур. Мисол учун  Хитойда оммавий ахборот воситалари орқали халқ маънавияти, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи фильмлар, сериаллар ва қўшиқлар намойиш этилса, тезкорлик билан халқни ҳимоя қилиш мақсадида турли хил нодавлат ташкилотлари томонидан уларга қарши кураш олиб борилади. Натижада мазкур фильмлар, сериаллар ва қўшиқлар эфирдан олинади.

     Мазкур тажрибадан келиб чиққан ҳолда юртимизда ҳам маънавий таҳдидларга қарши курашиш, таназзул ҳолатларини олдини олиш мақсадида қуйидаги йўналишларда (1-жадвал) мақсадли нодавлат ва нотижорат ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишни зарур деб, ҳисоблаймиз:

1-жадвал

 

[1] Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. 
– Тошкент: Ўзбекистон, 2017. – Б. 27.

 

     

     Энди биз таклиф қилаётган айрим нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини таҳлил қилсак. Бугунги ахборот асрида ахборот кириб бормаган бирор макон ёки хонадон қолмади. Йилдан йилга ахборот  истеъмолчи-ларининг ёши жуда ҳам ёшариб, яъни 30-40 ёшдаги одам ўқиши мумкин бўлган ахборотни бугун мактаб ўқувчиси ҳам қабул қилмоқда. Ёки ахборотни тарқатиш эркинлиги сабабли асосланмаган ахборотларнинг тарқатилиши оқибатида одамлар орасида турли миш-мишлар, ёлғон ахборотларга ишониш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Натижада жамиятда маънавий таназзул ҳолатларининг рўй бераётганлиги, ёшларнинг, баъзида катта авлод вакилларининг маънавий-руҳий оламига дарз кетаётганлигини кузатиш мумкин.

     Агарда Интернет ва ижтимоий тармоқлар йўналишида мақсадли нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилса, Интернет тармоғида тарқатилаётган нохолис ахборотларга ўз вақтида жавоб қайтариш, халқимизни, айниқса ёшларни ахборот хуружларидан асраш имконияти  янада ошади. Бу каби мақсадли нодавлат нотижорат ташкилотлари жамиятдаги маънавий таназзул ва зўриқиш ҳолатларининг олдини олиш, ёшларимиз қалби ва онгида зарарли ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.   

     Хулоса сифатида шуни таъкидлаш керакки, “бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда”[1]. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ким бўлишидан қатъи назар маънавий хавфсизликни таъминлаш умуммиллий ғоя эканлигини англаб етиши зарур. Зеро, бугун маънавий хавфсизликни таъминламасдан туриб, шахс, жамият, давлат ўзининг хавфсизлигини таъминлай олмайди. Чунки шахснинг маънавий савияси юксак бўлса, жамият ва давлат маънавий хавфсизлиги таъминланган бўлади.

 

 

 

[1] Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи // http://mt.uz/uz/press-sluzhba/novosti/prezident-shavkat-mirziyeevning-zbekiston-respublikasi-musta-illigining-yigirma-sakkiz-yilligiga-ba-/