Олий таълимда касбларни оптималлаштириш бўйича режалар белгилаб олинди

Yangiliklar

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Таълим инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари масъуллари иштирокида «Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар: профессионал стандартлар, касбларни оптималлаштириш» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда таълим стандартлари ва ўқув жараёнини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш ва иқтисодий тармоқлар учун касбларни оптималлаштириш орқали олий маълумот талаб қиладиган янги касбларни киритиш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Тадбир аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев олий таълим тизимида мутахассислар тайёрлашда меъёрий ҳужжатларни халқаро стандартларга мослаштиришдаги муаммолар ва уларнинг ечимларига тўхталиб ўтди.

– Ўтган йили илк маротаба Ўзбекистон Республикасининг Миллий малакалар жадвали тасдиқланди, 37 та “Тармоқ кенгашлари” тузилди ва улар томонидан ўзларига бириктирилган тармоқлар бўйича квалификация жадваллари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ушбу тармоқ квалификация жадваллари доирасида 1200 дан ортиқ касб стандартлари ишлаб чиқилди. 

 

Миллий малакалар жадвалида профессионал таълим 3,4,5 - даражалар этиб белгиланган бўлса, олий таълим эса 6 –(бакалавр) ва 7 – (магистр) даражани ҳамда илмий даражалилар 8-поғонада берилган. 

Энди ушбу жараённи олий таълим тизими учун узлуксиз давом эттирилиши бўйича ҳамкорликда ишлашимиз лозим. Давлатимиз раҳбари томонидан қисқа муддатларда олий таълимни ҳам инобатга оладиган касб стандартларини ишлаб чиқиш ва мавжудларини такомиллаштириш вазифаси белгиланган, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов ОТМларнинг академик мустақиллиги ва масъулиятини ошириш ҳамда ўқув жараёнини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов эса иқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумот талаб қилинадиган касбларни оптималлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот қилди.

Шунингдек, тадбир давомида инспекция ва вазирликларнинг масъул ходимлари томонидан келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича фикр алмашилди.

Файзулло Яҳёев, ЎзА