6 ИЮНЬ –А.С. ПУШКИН ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН ДАДА ЗАФАР. ОЛТИН БЕШИК АВЛОДЛАРИ.

E'lonlar

3–БОБ. АЖНАБИЙЛАР… (романдан парча). (1-қисм)

Земля недвижна; неба своды,

Творец, поддержаны тобой,

Да не падут на сушь и воды

И не подавят нас собой.

Зажег ты солнце во вселенной,

Да светит небу и земле,

Как лен, елеем напоенный,

В лампадном светит хрустале.

Ер муаллақ, осмон жамланган,

Ўзинг қудрат, ўзинг ал-Қодир.

То қиёмат жилмас ўрнидан,

Сенсиз ҳеч не бўлмагай содир.

Сен оламга қуёшни ёқиб,

Еру кўкни ёритган Эгам.

Биллур қандил ичига солиб,

Асрайсан биз шамларингни ҳам.

 А.С. Пушкин

Извош араванинг ғилдиракларига резина маҳкамланган бўлса ҳам бир неча кунлик сафар одамни анчагина хоритиб қўяр экан. Александр Одессадан йўлга чиққанига саккиз кун бўлганида Псков губерниясига етиб келди. Араваларнинг алмашиши, бекатларда тунаш ҳам унинг асабини таранглаштирар, у бор кучини жамлаб, бу вазиятдан чиқишга ҳаракат қилар эди. Яхшиямки шоирнинг “тоға”си у билан ҳамроҳ. Никита Тимофеевич Козлов унинг ҳам узоқ қариндоши, ҳам энг садоқатли хизматкори саналади.Уни Александр шарафлаб “тоға” деб атарди. Бу мард инсон, садоқатли дўст шоир билан бирга Жанубга сургун қилинган эди. Тўғрироғи, Никита Тимофеевичга ҳам айб қўйилган эди. Бу ҳақда Пушкин кейинчалик ҳабардор бўлди ва сургунни биргаликда ўтади. Маълум бўлишича, Пушкиннинг эркпарвар шеърлари ҳақида пойтахт губернатори ҳабар топади ва сиёсий изқувар Фогельга топшириқ бериб, қўлёзмаларни топишга буюради. Фогель эса Никита Тимофеевич Козловдан уларни ўқиб кўриш учун тақдим этишини, бунинг эвазига эса катта маблағ ишлаб олишини уқтиради. Хизматкордан рад жавобини олган изқувар уни ҳам жиноят ишига тиркаб қўяди. Пушкин ўз хизматкорига дўстона муносабатда бўларди. Болаликдан унинг қизиқарли эртаклари ва ажойиб шеърларини севиб тинглар ва ўқир эди. Энага Арина Родионовнадан ширин эртаклар эшитган бўлса, Никита Тимофеевичдан мардлик, жасорат ва паҳлавонликни, садоқат ва дўстликни улуғловчи ривоятларни ўрганган эди. Қароқчи булбул, Еруслан Лазаревич, Милитрисе Кирбитьевна ва бошқа эртаклар Олис қуёш юрти Шарқ ҳақида ҳикоя қилар эди. “Айниқса Никита Тимофеевичнинг чаласавод битилган қўлёзмаларида Змея Гориничнинг даҳшатли қиёфаси кўзга ташланиб турарди. Уларни онам авайлаб асраб қўйган” деб эслайди Пушкин. Дарҳақиқат, бу одам шоир учун отадек азиз ва меҳрибон устоз, буюк шоир, буюк инсон эди. У Шарқ кишилари каби руҳан озод инсон. Унинг ҳеч кимдан қарзи ҳам, ками ҳам йўқ эди. Аммо у ўз хўжайинини ташлаб кетишга журъат топган эмас. Пушкин ҳам бунга кўникиб қолган эди. Шоир Кишинёвда битган шеърларидан бирида ўз хизматкорига шундай мурожаат қилади:

Дай, Никита,мне одаться,

В метрополии звонят…

Никита, мени тез кийинтир,

Бонг урмоқда метрополия…

Шоирнинг Грецияга қочиб кетиш учун қилган барча уринишларидан натижа чиқмади.Бунга буюк фуқаро Козлов йўл бермади. Мана энди икки дўст, икки ҳамроҳ Михайловскга, қайтадан амири фармон этилган сургин манзили томон кетишяпти. Пушкин инглиз шоири Жорж Байрон билан учрашиш имкониятини ҳам бой берди. Ҳассоскор инглиз шоири ҳақда кўпроқ билиш ниятида Александр Колипса Полихрони исимли аёл билан танишди. Бу юнон аёли грекларнинг турклар зулмига қарши кўтарилган қўзғолонлари пайтида Истанбулдан Кишинев шаҳрига қочиб келган экан. Айтишларича, бу нозанин Лорд Байроннинг маъшуқаси бўлган. Гўёки Қора денгизнинг илиқ шамоли Александрни ортидан, таассуротлар гирдобига ғарқ этиб, Псков губерниясигача қувиб келаётгандек эди. Осмонини қоплаган қора булутлар Болтиқ денгизи томондан, Шимолдан намга тўйиниб, Жануб шамолига урилди. Мамақалдироқнинг гумбирлашидан отлар чўчиб тушди. Кучли шамол усти ёпиқ файтун аравани ағдариб юборай деди. Аравакаш йўл четига чиқиб, отларни тўхтатди. Чақмоқ чақар, унинг гумбирлашидан ўрмон ларзага келар эди. Александрнинг ўйлари ичига сиғмас, боши оғрир, ҳатто аравакашнинг саволига ҳам жавоб айтишга мажоли етмас эди. Сўнгра у аравадан бошини чиқариб ташқарига, осмонга қаради. Баланд терак ва қарағай дарахтлари шамолда чайқалар, шиддат билан бошланган ёмғир туфайли улардан тўкилаётган момиқ тукларнинг учиши ҳам кўздан йўқолди. Ҳаво ҳарорати борган сари совуб, дарахт хазонлари лойга ёпишиб, атрофни аҳлатга тўлдирди. Арава эшикчасидан урилган ёмғир томчилари Александр Сергеевич Пушкиннинг вужудини жунжиктириб юборди. Чақмоқ чақа–чақа аста узоқлашди. Ёмғир ҳам тинди. Кучер арава йўлини давом эттирди. Александрнинг хаёлида ўткан кунлар хотираси чақмоқдек ура бошлади.

Быть может, дальной стороне,

Под небом Греции священной,

Тебя страдалец вдохновенный,

Узнал, иль видел, как во сне,

И скрылся образ незабвенный

В его сердечной глубине?

Александр Сергеевич Пушкиннинг хотирасидан бир неча йил аввал ёзган “Юнонлик аёлга” деб номланган шеъридаги мисралар ўтарди.

Юнон осмонининг остидан,

Олис тупроқ нидоси бўлиб,

Чорладинг-му илҳом париси?

Ширин тушнинг садоси бўлиб,

Ишқинг жойлаб шоир юракка,

Мангу қолмиш фидоси бўлиб…

Шоирларга хос хаёлпарастлик, ўз руҳиятида шахсий қиёфасини яратиш, ҳаётдан асарлари учун қаҳрамонларни излаб топиш, уларнинг фазилатларини образ ва қиёфаларда жамлаш маҳорати Александр Сергеевич Пушкинга ҳам тааллуқли эди. Йигирма беш ёшида Россияда таниқли ижодкорга, шеърият қиролига айланиш анча мунча одамга насиб этмайдиган илоҳий неъмат эди.

Шоир шеърларига мафтун бўлган Одесса генерал-губернаторининг рафиқаси Елизавета Ксаверьевна Воронцова анча пайтгача паришон юрди. Тўғрироғи, бу навқирон ижодкорга кўнгли тушиб қолди, унга интилиб яшай бошлади. Улар тез–тез учрашиб турадиган бўлишди. Бу жуда ақлли ва гўзал аёл Александрдан атиги етти ёш каттароқ эди. Қишнинг аёзли кунларидан бирида граф Воронцов Пушкин томонидан унинг рафиқаси Елизавета Ксаверьевнага атаб битилган шеърий мактубни топиб олди.Ушбу мактубга шунчалар эҳтирос ва очиқ ҳислар уммонидан иборат мисралар битилган эдики, бу рақиб томонидан ҳарбий саркардага нисбатан содир этилган ҳақоратнинг ўзи эди. Аммо анча пайтгача Михаил Семёнович ўз ғазабини ичига ютди. Йўқ, барибир бу мисралар уни тинч қўймади.

Все кончено: меж нами связи нет.

В последний раз обняв твои колени,

Произносил я горестные пени.

Все кончено — я слышу твой ответ.

Обманывать себя не стану вновь,

Тебя тоской преследовать не буду,

Прошедшее, быть может, позабуду —

Не для меня сотворена любовь.

Ты молода: душа твоя прекрасна,

И многими любима будешь ты.

Шу йилнинг апрель ойида Михаил Семёнович Воронцов рашк ва ғазаб отига минди. Унга алам қилганидан Петербургга бир неча марта хат йўллади. Жумладан Россия подшоҳи Александр 1 жаноби олийларига ҳам. Мазкур хатлар Пушкиннинг устидан ёзилган эди. Унга кўра, Александр Сергеевич иш билан кам шуғилланиши, енгилтак хаёлларга маст бўлиши, дангасалиги… ундан ташқари ёш-яланглар билан тентираб юриши натижасида манманликка берилиб кетаётганлиги тўғрисидаги фикрлардан иборат эди. “У ўзини улуғ шоир деб билади, бундай мақомга эришиш учун ҳали у кўп ўқиши, ўрганиши зарурлигини тасаввур ҳам этолмаса керак. Фақат Пушкиннинг ўзига яхши бўлсин, деган ниятда уни бошқа жойга кўчиришингизни сўрайман. Зеро, у ана шу янги жойда, ўз устида кўпроқ ишлаши учун имкониятга эга бўлсин, айниқса унинг Одессадан кетиши мени  хушнуд этади”,–деб ёзган эди граф Михаил Семёнович Воронцов. Бу одамнинг Россияда нуфузи жуда баланд эди. Россия Улуғ Ватан уруши қаҳрамони, граф Михаил Семёнович Воронцов Новороссийск ўлкаси генерал губернатори ва Бессарабиянинг фавқулодда ҳарбий ҳукмдори этиб тайинлангач, 1823 йил 21 июлда Одессага келди. Воронцовлар сулоласи вакили ҳисобланган Михаил Семёнович ўта билимли, француз, инглиз тилларини яхши билар эди. Унинг отаси Семён Романович Воронцов 1785 йилда Лондонга фавқулодда ва мухтор вазир сифатида ишга юборилади. Бошқача айтганда, Россиянинг Англиядаги элчиси сифатида йигирма йилча хизмат қилди. Ўғли Михаилни ҳам ўзи билан бирга Англияга олиб кетади. Унинг тарбияси билан шуғулланади.Ўғлининг Ватанга муносиб хизмат қила оладиган инсон бўлиб етишиши учун астойдил ғамхўрлик кўрсатади. Англия кўрфазларига ташриф буюрган Россия ҳарбий кемаларига олиб чиқади, саноат корхоналар, киборларнинг йиғилишлари ва парламент мажлисларига ҳам ўғли Михаил билан биргаликда ташриф буюради. Математика, табиий фанлар, архитектура ва мусиқа соҳасидаги билимлари унинг ўта маданиятли ва кенг дунёқарашли олим эканлигидан далолат берар эди. У Лондонда харбий соҳани ўрганди, турли хил қуроллардан фойдаланишни билиб олди. Айниқса, чавандозлик сирларини қунт билан эгаллади. Отларнинг турларини, уларнинг ўзига хос хусусиятларини, яшаш жўғрофиясини ҳам уни қизиқтирар эди. Александр Сергеевич Пушкин Воронцовнинг яхши фазилатлари кўплигини билсада, ўзини ундан устин қўйгиси келар, унинг рафиқаси билан бўлиб ўтган воқеаларга ҳам шубҳа билан қарай бошлади. “Чиндан ҳам Елизавета Ксаверьевна уни севармиди? Балки бу ошиқ–мошиқ ўйиними?” деган шубҳа унинг хаёлини чулғар эди. Аммо борган сари унга бўлган интилиши ошар, фақат у ҳақда шеърлар ёзишни истар эди. Унга ёқиш учун шоир ўлимга ҳам тайёр эди.

Рафиқаси Елизавета Ксаверьевнанинг пардоз ғаладонидан топиб олинган шеърий мактубни Воронцов қайта–қайта ўқир, мағзини чақар, ижирғанар эди. Аммо ҳомиладор аёлини ранжитишдан чўчиб, унга кўнглини очмасди. Пушкин эса бу гаплардан Елизаветанинг ўзидан ҳабар топди. Графиня ширин истиробларга тўла ҳиссиётларини шоирдан яшириб ўтирмади. У ўзига бағишлаб битилган барча шеърларни ёд билар, уларни давраларда ўқиб юришни  хуш кўрар эди.

Йўқ барибир, бизни боғлар ришта йўқ!

Сўнгги бор қучоқлай, кўнгил эмас тўқ.

Аламли армонлар дилимиз ўртар,

Севмоқлик дардини ошиқлар тортар.

Таскин изламайман ўзимни алдаб,

Ҳажрингда куйсамда, яшайман чидаб.

Унутмоқ деганин, ҳиссизлик демас,

Мен учун муҳаббат яралган эмас.

Сен ёшсан, қалбинг пок, эй гўзал нигор,

Кимлар жонин Сенга этмагай нисор.

Елизавета Ксаверьевнанинг шоир Пушкин билан бўлган ишқий муносабатлари қанчалар самимий эканини билиш мушкул. Аммо хоним мана шундай улуғ шоир унинг ишқида куйиб кул бўлаётганлигидан янада завқланар, бу ёқимли ҳиссиётдан мағурланарди. Михаил Семёнович эса ўз рафиқасини бошларга кўтариб,  хушомад қилувчи зодагонларни яхши билар, хатто кўп ҳолларда уларнинг бу ҳаракатларига парво ҳам қилмасди. Аммо бу сафар, Пушкин деганлари барчадан ўтиб тушди. Александр Сергеевич унинг қўлидаги оддий, ҳатто ўттиз етти амалдорнинг энг лавозими паст хизматчиси бўлса ҳам, таниқли шоир, у билан майда чуйда гапларга бориш, кўпчилик ўртасида кулги бўлишдан бошқа нарса эмас эди. Унинг устига, бу асов шоирнинг қизиққонлигини, аниқроқ ифодаланса, жиззакилигини ҳам ҳамма яхши биларди. Пушкиннинг сал нарсага асаби таранглашар, кўп ҳолларда жанжални пулга сотиб оларди. У йигирма беш ёшга киргунга қадар энг яқин дўстлари ва қариндошлари ўртасида юзага келган келишмовчиликлар, катта кичик жанжаллар сабабли ўз рақибларини ўн беш маротаба дуэльга чақирган экан. Ҳатто кенжа тоғаси Ганнибални ҳам муҳорабага таклиф этган дейишади. Шу боис бўлса керак, Воронцов у билан тортишишни ўзига мақбул кўрмади, аммо зимдан уни таъқиб эта бошлади…

Файтон арава қаттиқ силтади. Александрнинг бошидан қўзи жунидан тўқилган (қоракўлга ўхшаш) ғижим шляпаси тушиб кетди. Аммо қаттиқ чарчаган шоир бошини пастга эгиб олганича ухлар эди. Кучер аравадан тушиб келдида, аста эшикни очди. Шляпани олиб, ўриндиқнинг устига қўйди.

– Тинчликми,– сўради Александр ва яна мудрашни давом эттирар экан. Аравакаш унинг юзларига аста разм ташлади. Дарчадан тушаётган субҳидам қуёши арава ичини ёритиб турар эди. Чамаси йигирма– йигирма беш ёшлардаги йигит. Юзлари буғдойранг, лаблари қалин, сочлари қоп-қора, калта бўлсада, жингалак. Юзи думалоқ. Эгнида қалин матоли суртюг ( бели боғланган камзул), унинг барча тугмалари қадалган. Унинг устида эса енгсиз, елкага ташланган плаш, ёқаси ва енг қайтармаси бахмал матодан бежалган эди. Жуссаси кичик ва ўртабўй, бармоқлари узун, ўнг қўлининг ўрта бармоғида тумор шаклидаги қимматбаҳо узук тақилган. Чап қўлининг бош бармоғида ҳам узук бор эди. Аравакаш Александрга ўта диққат ва зийраклик билан нигоҳ ташлади. Аравани бошқараётган бош кучер ҳам, унинг ёрдамчиси ҳам подшох охранкасининг махфий хизматчилари бўлиб, уларга Пушкинни охирги манзилгача кузатиб бориш ва бу сафар билан боғлиқ йўл маълумотларини махфий равишда жамлаш буюрилган эди. Никита Тимофеевичнинг ҳушёрлигини билган Александр ўзини бемалол тутар, анча мунча нарсаларга парво ҳам қилмас эди. У доимгидек илҳом париси билан хаёлан мулоқот қилар, баъзан тизган шеърий оҳанглари оғзидан чиқиб кетарди. Хизматкор Козлов ҳам бунга кўникиб қолган эди.

– Тинчлик, жаноб, – деди кучер унга кўз ташлаб,– отлар жуда ҳориди, йўл ботқоқ бўлиб кетган экан. Ўзингиз ҳам дўқир-дўқирда қийналган бўлсангиз керак. Сиз карвонсаройга кириб, дам олишингиз мумкин.

– Йўқ, раҳмат! Аравада бир оз ҳордиқ чиқараман.

– Яхши, жаноб,–деди аравакаш, отларни бўшатар экан. Александр анча пайтгача ўй суриб ўтирди. Сўнгра унинг жамадонига Вигель жойлаб қўйган ром шишаси ёдига тушди, уни очиб, бир неча қултум ҳўплади. Қопқоғини яна ёпиб, жойига қўйиб қўйди. Одессада бўлиб ўтган ҳам ўта романтик, ҳам ўта изтиробли воқеалар унинг хаёлини қамраб олди.

– Қаерда манфаат бўлса, ўша ерда хиёнат, қаерда дўстлик бўлса, ўша жойда душманлик, сотқинлик улғаяр экан,– деди Вигель Александр билан суҳбатлашар экан. Александр Сизнинг эски дўстингиз, Александр Николаевич Раевский жаноби олийларининг адъютанти этиб тайинлангандан буён ишларингиз юришмай қолди, чоғимда?

–Билмадим, шайтон васвасасига учрадимми, ёзган шеърларим ўхшамайди, ишимда ҳам унум йўқ. Раевский масаласига келсак, уни ўзимга ибрат деб билардим. Аммо Одессада у бор ички кучи билан мени таъқиб этяпти.

–Балки иккимизга ҳам ана шундай туюлаётгандир,–деди Вигель қўлидаги қоғозни Александрга тутар экан,– Бу Сизга “Евгений Онегин” эмас, ҳатто Лорд Байроннинг “Чайлд Ҳаролд зиёрати”ҳам эмас, у фақат…

–Тушундим, “Демон” демоқчимисиз!?

Часы надежд и наслаждений

Тоской внезапной осеня,

Тогда какой-то злобный гений

Стал тайно навещать меня.

Печальны были наши встречи:

Его улыбка, чудный взгляд,

Его язвительные речи

Вливали в душу хладный яд.

Умид, роҳат — барига ногоҳ
Соя солиб ғамли ва нолон,
Қандайдир бир ёвуз руҳ гоҳ-гоҳ
Келар эди қошимга пинҳон.
Ғамли эди бизнинг мулоқот:
Табассумдан то нигоҳ қадар,
Аччиқ-аччиқ сўзлари бедод
Қуяр қалбга мисли муз заҳар.

– Қаҳрамонингизни дарров танидим,– деди Вигель табассум билан,– камина ҳам бу одам ҳақида “думалоқ” хатларни қийиб ташлаганман.

–Ишқилиб, айбсиз одамга туҳмат қилиб қўйманг!

– Александр Сергеевич, жуда кенг одамсиз-да,– деди Филлип Филлипович қизишиб,– Шоирларнинг юраги улкан, Аммо нозик ҳамда шикаста!

– Тўғри айтасиз, қадрдоним Николай Николаевич менинг энг яхши романимни тушунмабди, ахир дунё романтизмдан иборат эмаску!? Дунёда ҳажвий ёндашувлар ҳам мавжуд. Эпиграммалар дегандек…

– Александр Сергеевич, дўстим! Яхши шоирсиз, аммо ишонувчанлик одатингиз ҳам бор,–деди Вигель унинг елкасини бир қўли билан маҳкам тутиб, овозини паслатиб, фикрини давом эттирди.–“Евгений Онегин” достонингиз қўлёзмасига кўзим тушиб қолган эди, унинг ҳошияларига Элизанинг, дўстингиз Николай Николаевичнинг акаси Александр Раевскийнинг расмларини чизиб, масхара килибсиз. Тушунмадим, мени маъзур тутасиз, албатта. Назаримда Сизни чигиртка овлагани гўёки Александр Николаевич Раевский юборгандек, менимча у Воронцовга шундай маслаҳат берганга ўхшайди. У Сизнинг дўстингиз, албатта! Аниқроғи, дўстингиз Николай Николаевичнинг акаси, сизга дўст эмас. Шайтон у!

-Ундай деманг, жаноб барон! Раевский жуда маълумотли одам. Албатта , маккорлик ҳам унга ёт эмас.

– Шунга ўхшаш, –деди Вигель,–Одессада ундай кимсаларни “шайтон”, “ўрама шамол” дейишади, унинг баъзи қабиҳ фитналарини ҳисобга олмаса, ундан яхшигина элчи чиқар эди. Айниқса Туркия, Миср каби мамлакатларда яхши фаолият юритар эди….

 

Мақолани тўлиқ юклаб олиш