Энди ўзбек тили ҳам чет тили сифатида ўқитилади

Yangiliklar

Тил – алоқа воситаси, инсон маданиятининг ифодаси. Ҳар бир миллатнинг ўзлиги унинг тили ва адабиётида намоён бўлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини кўтариш, оммалаштириш, ўқитиш тизимини мукаммаллаштириш йўлида самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Республика таълим маркази томонидан янги ўқув дастурлари асосида яратилаётган Ўзбек тили дарслигидан мақсад ҳам шу аслида.

Республика Таълим маркази ахборот хизматининг хабар беришича, шу пайтгача умумтаълим мактабларида ўзга тилли синфларда «Ўзбек тили» худди ўзбек синфларига ўтиладиган «Она тили» каби ўтиб келинаётган эди. Бу эса ўзга миллат вакилларига қийинчилик туғдириб, мавзуларни ўзлаштиришда муаммоларга дуч келишаётган эди.  

Энди эса таълим тили ўзга тилда бўлган синфларда давлат тили – ўзбек тили ҳам чет тили каби ўргатилади. Миллий ўқув дастури асосида ўзга миллат вакиллари учун 2-синф Ўзбек тили дарслиги яратилди. Ушбу дарслик 2021-2022 ўқув йилидан амалиётга жорий этилади.  

Ўзбек тилини чет тили сифатида ўқитиш кўзда тутилган янги дарсликлар тил ўргатишнинг халқаро стандартлари асосида яратилмоқда.  

Айни пайтда яратилган дарсликда ўз даври учун муҳим бўлган яна бир қанча қулайликлар мавжудки, улар ҳам ўқувчида тил ўрганиш кўникмасини фаоллаштиради.

Янги яратилаётган дарсликлардаги бу каби ўзгаришлар, такомиллашувлар ўқувчиларни дарсдан безиб қолмасликка, дарс жараёнига қизиқиши ва ўзбек тилига ҳурмат-эътиборини шакллантиришга хизмат қилади.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА