РЕСПУБЛИКА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

E'lonlar

Таълим тизимини модернизациялаш ва миллий инновацион  тизимни ташкил этиш куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Республика таълим тизими ва ундаги ўқитиш жараёнини такомиллаштириш мақсадида ривожланган давлатларнинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари таҳлил қилиниб, шунга кўра таълим тизимини модернизациялаш унинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилиб олиб борилди.

Дунё таълими олдида турган глобал вазифаларнинг ҳал қилинишида ечимини кутаётган муаммолар: олий таълим тизимининг таҳлили, вазифалари, мақсадларини ўрганиш ва керакли тавсиялар яратишга йўналтирилган бўлиб, таълим соҳаси билан шуғулланувчи барча муассасаларнинг ҳозирги кундаги асосий вазифалари таълимни ташкил этиш, унинг сифатини юқори даражага кўтариш, бошқариш, молиялаштириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш каби масалаларнинг ҳал қилинишига қаратилган. Айнан шу муаммолар республика таълим тизимида ҳам мавжуддир.

Таҳлилий натижаларга кўра, олий таълим муассасаларининг кейинги йилларда сезиларли даражада кенгайиб бораётганлиги ва сўнгги 10 йил давомида таҳсил олувчилар сонининг узлуксиз ўсиб бораётганлиги сезилмоқда.

Изчиллик билан ривожланиб бораётган фан-технологиялар узлуксиз ва замонавий янги фан-технология ютуқларига асосланган бугунги жамиятда бундай ҳолат оддий ижтимоий онг, тафаккурнинг ўсиши натижаси сифатида қаралиши керак. Бу ўринда хулосаларни таҳлил қиладиган бўлсак, олий таълим етиштириб бераётган “маҳсулот”га “харидор”ларнинг талаби ўз йўналишига эга бўлиб, қуйидагича кўринишларда намоён бўлмоқда:

биринчидан – ўз мавқеини яратиш ва мустаҳкамлаш учун ижтимоий нуфузли тоифага эга бўлган давлат дипломини олишга ҳаракат қилаётган шахсларнинг салмоғи;

иккинчидан – маълум тоифадаги дипломга эга бўла туриб, нуфузли олий ўқув юртларининг дипломларини қўшимча олишга ҳаракат қилувчилар кўлами;

учинчидан – фақат  илм олишга интилаётган ва жуда камчиликни ташкил этадиган шахслар салмоғи; 

тўртинчидан – касб ўрганишга интилувчилар кўлами, бу гуруҳдаги шахслар миқдори кўпчиликни ташкил этиб, айнан бозор шароитида тобора изчиллик билан ортиб бораётган шу гуруҳ аъзолари таълим сифатини кўтаришга ўз таъсирларини ўтказишлари мумкин.

Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда “меҳнат бозори”да олий таълим муассасаларини битириб чиққан мутахассисларга етарли миқдорда иш ўринлари яратилмаганлиги сабабли нафақат бугун, балки  келажакда ҳам иш топиш муаммолигича қолади. Натижада янгича яшаш тушунчаларини ўзларида сингдирган ва нуфузга эришиш мақсадида билим олган ёшларнинг ижтимоий мавқеига путур етиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Олий таълимни ислоҳ қилиш муаммоларининг таҳлили шуни кўрсатадики, таълим тизими алоҳида тармоқ сифатида эътироф этилмоқда.  Натижада турли концепция ва қарашлар келиб чиқмоқда, масалан йирик олий таълим муассасаларининг ўртачароқларига нисбатан муносабати, таълимга бўлган тармоқларнинг муносабатлари, ҳудудий таълим муассасаларининг ўзлари ҳақидаги юқори фикрлари каби зиддиятлар мавжуд.

Таълим тизимини модернизациялаш ижтимоий, иқтисодий муаммолардан ажралган ҳолда, тармоқ муаммо сифатида қаралмаслиги лозим.

Таълим соҳасида ҳозирча ўз ечимини топмаган муаммолардан бири ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқарув тизими томонидан олий таълим муассасаларининг баъзи мутахассисликлар бўйича етарли даражада кадрлар тайёрлаб бераётганига қарамай, ҳозирга қадар ушбу мутахассисларга нисбатан иш берувчилар томонидан талабнинг юқори эканлидир.  Аммо ушбу  муаммолар аввалдан мавжуд бўлиб, унинг негизини мутахассислик ҳақидаги тушунча эмас, балки мутахассис тайёрлаш техникаси ва сифати белгилайди.

Биринчидан, ҳар йили янги мутахассисликлар вужудга келишининг ортиб бориши ва таълим муассасаларининг мазкур кўрсаткич даражасида фаолият юрита олмаслигига оид маълумотларнинг мавжудлиги; иккинчидан, ҳозирги замон ва бозор иқтисодиётининг талабига биноан, интеллектуал салоҳиятли ходим ҳар 5 йилда ўз касбини ўзгартириши жаҳон тажрибасида ижобий баҳоланмоқда. Учинчидан, статистик маълумотларга кўра, касбий нуфузнинг  ўсишида эришилган ютуқлар диплом бўйича эгалланган мутахассисликка аксарият ҳолларда тўғри келмаслиги кузатилмоқда, бундан хулоса қилиш мумкинки, таълим муассасаси кадрни тайёр мутахассис қилиб етиштириб бера олмайди, улар иш жойларида синовдан, амалиёт тажрибаларидан, ўтганларидан кейин шаклланадилар, демак шахс ўзлигини намоён қилиши ҳамда ўзи ёқтирган касбда фаолият юритиши натижасида муайян ютуқларга эришиши маълум бўлди.

Демак, таълим соҳасидаги бугунги мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб изчил чора-тадбирлар қўллаш ва таълим тизимини меҳнат бозори конъюктураси ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда ўзгартиришни тақозо қилади.

Таҳлилий материалларга таяниб шуни таъкидлаш жоизки, замонавий олий таълим тизими ёшларни мафкуравий тарбиялашга, таълим мазмунини ва ташкилий тузилишини  такомиллаштиришга қаратилган бўлиши керак. Етук мутахассисни таълим муассасалари тарбиялаб бера олмайди, етук мутахассис даражасига эришиш учун битирувчи маълум амалиёт даври ва синов босқичларини ўташи зарур. Бу ўринда олий таълим муассасаларида ўқиш давридаёқ меҳнат фаолиятини бошлаб юборган таҳсил олувчиларни алоҳида ҳисобга олиш керак, чунки улар ҳар хил давлат ва нодавлат ташкилотларида ишлаб, амалиётдаги фаолиятини ўқув дастурлари билан солиштириш имкониятига эгадир, натижада таҳсил олувчи ўқитилаётган фанлар мажмуасидан, фан дастурларидан айрим ҳолларда қониқиш ҳосил қилмайди ва дастурларга ўзгартиришлар киритиш керак деб ҳисоблайди. Бу эса, ўз навбатида олий таълим муассасалари ўқитувчиларига ноқулайликлар тугдириши ҳам мумкин, чунки эркин бозор муносабатлари даврида ҳар хил мулкчиликка эга бўлган корхоналарнинг ўз қизиқишларидан келиб чиқиб олиб бораётган фаолият доирасини  фан дастурларида қамраб олиш қийин ва мақсадга мувофиқ эмас. 

Шу билан бирга, таълим тизимини такомиллаштириш таълимнинг узвийлигини ҳисобга олган ҳолда яъни, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим муассасаси, умумий ахборот воситалари, масофавий таълим олишни ҳам назарда тутиб, бир бутун шаклда тараққий эттирилиши керак. Ёшларнинг бугунги олган билимлари уларга 10-15 йилдан кейин меҳнат фаолиятини фаол ҳолда олиб боришлари учун хизмат қилиши зарур. Чунки улар ўша даврга хос бўлган техник жиҳозларни ишлатиш, бошқарув муаммоларини ҳал қилиш ва янгиликлар ишлаб чиқишни назарда тутади.

Ҳозирги геоиқтисодий ва геосиёсий тузилманинг таркиб топаётган даврида cтратегик рақобатбардошликни таъминлаш учун қуйидаги тўрт вазифани бажариш керак:

Биринчидан – мавжуд хом-ашё комплексининг стратегик қайта тузулмасини таъминлаш. Бунда барча табиий ресурслардан тортиб иқтисодий стратегик аҳамиятга эга бўлган  манбалар ҳам қайд этилиши, мазкур ресурслардан қандай фойдаланиш, қанча миқдорда ва қаерларда ишлаб чиқариш керак деган саволларга жавоб топиш назарда тутилади.

 Иккинчидан – янгича иқтисодиёт негизида хўжалик тузилмаларини қайта ўзлаштириш. Бунинг учун керакли коммуникацион инфраструктурани яратиш ҳамда узоқ муддатга мўлжалланган давлатнинг ривожланиш сиёсатини демографик ҳолатлари ҳисобга олиниб, “таянч худудлар” ишлаб чиқиш ва улардан окилона фойдаланиш учун шароитлар яратиш зарур.

Учинчидан – ижтимоий тузилманинг инновацион ривожланишини таъминлаш. Бу нафақат тижоратлаштириш ва собиқ иттифоқ давридаги илмий лойиҳа ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиш, балки узилишларга эга бўлган фаннинг таълим ва кадрлар тайёрлашдаги синтезини таъминловчи миллий инновацион инфраструктурани қайта тиклаш услубларини яратишни назарда тутади.

Тўртинчидан – кишиларнинг ўз маданиятини сақлаши ва у билан баҳамжиҳат муайян мақсадни амалга ошириши; бунда тарбия ва таълимнинг якдиллигини таъминлаш лозим.

Келтирилган вазифаларнинг ўзаро узвийлиги шундаки, биринчи ва иккинчи кўрсаткичларнинг бажарилиши тўртинчи кўрсаткич билан боғлиқ. Бир томондан фан соҳасини, иккинчи томондан таълим соҳасини қайта қуриш яратилаётган инновацион жараённинг қудратини таъминлайди. Натижада республиканинг глобал жипслашуви ва рақобатбардош стратегиясига ўз таъсирини ўтказади. Бошқача қилиб айтсак, таълим соҳаси ва кадрлар тайёрлашни келажак миллий инновацион тизимнинг белгиловчи унсурлари сифатида режалаштириш ва қайта қуриш керак. Таълим тизимининг юқори  босқичи (магистратура, таянч докторантура, докторантура) бошқа диққатга сазовор кўрсаткичлардан бўлиб ҳисобланадилар ва унинг зиммасига “ишлаб чиқарувчилар” синфини яратиш юклатилган. Улар янги авлод “инженер-техникларини, бошқарув ва ижтимоий маданий” соҳа кадрларини инновацион йўл орқали тайёрлаб беришга қаратилган. Ўрта ва пастки босқич тизими эса,  умумий “харидорлар” ва инновацияни “истеъмол қилувчилар” синфини шакллантиришга қаратилган бўлиб, бу муаммони улар барча соҳалар ва йўналишлар бўйича бакалаврлар тайёрлаш йўли орқали амалга оширадилар.

Шунинг учун таълим соҳасидаги ҳар қандай ислоҳотларга жуда эхтиёткорлик билан ёндошмоқ лозим. Ҳар қандай ечимни қабул қилишга шошилмай ёндошиб, келажакда  инновацион қайта тикланишдаги йўлимизни беркитиб қўймасликка ҳаракат қилмоқ даркор. Келажакда таълимни ислоҳ қилишга қаратилган инновацион оқимнинг таълим тизими айрим соҳаларини узиб қўядиган қарорлар қабул қилишга эҳтиёткорлик билан ёндошишимиз керак.

 Чунки бугунги кундаги пасайиш келажакда спирал кўтарилишга олиб келиши муқаррар. Таҳлил натижаси шундан далолат берадики, таълим тизимини қайта қуриш уни инновацион ривожланишнинг асосий инфраструктураси эканлигига урғу беришдан четда қолмоқда. Таълимни қайта қуришга қаратилган тадбирларда таълим сифати хақидаги тушунчалар оддий фикрлар йиғиндисидан иборат бўлиб,  бир вақтнинг ўзида эртанги кун мутахассисининг мавқеини қамраб  олиш имкониятига эга эмас. Таълим сифати тушунчаси эса фақат стандартлар билан боғланиб, таълимни ислоҳ қилиш ва унга янгиликларни татбиқ этиш имкониятини бирмунча қийинлаштиради.

80-йилларда йирик шаҳарларда бошқа минтақалардан келиб ўқийдиган таҳсил олувчилар умумий таҳсил олувчиларнинг тўртдан уч қисмини ташкил этган бўлса, бугунга келиб уларнинг салмоғи тўртдан бирга тенг бўлиб қолди. Бунга сабабларидан бири худудларда олий таълим ва унинг филиалларингинг очилиши ва иккинчидан шаҳарлардаги таҳсил олувчиларнинг яшаш жойлари инфраструктурасининг бузилганлиги, аксарият институт ва университет ётоқхоналаридаги ўринлар миқдорининг қисқарганлигида, ёки янгиарини барпо этиш жараёнининг суст олиб борилаётганлигдадир.

 Ўзбекистон бугунги кунда дунёдаги барча давлатлар орасида   такомиллашган таълим тизими билан ўз мақеига эга бўлиб  келмоқда. Кейинги йилларда давлат бошқарув тизими таълим тизимининг янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

 

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази бўлим бошлиғи, педагогика фанлари доктори Мамаражаб Тожиев