ИНСОН КАПИТАЛИГА ИНВЕСТИЦИЯ – КЕЛАЖАККА ИНВЕСТИЦИЯ!

E'lonlar

     Шиддат билан ривожланаётган ва глобаллашув жараёнлари ниҳоятда чуқурлашиб бораётган бугунги дунёда инсонни, унинг онгу шуурини тараққий эттиришга бўлган эътибор кундан кунга ошиб бормоқда. Боиси, қаерда инсон капитали, унинг равнақига кўп эътибор берилаётган,  шарт-шароит яратилаётган бўлса, бугун ўша мамлакатнинг тараққиётини кўришимиз мумкин. Жумладан, Сингапур, АҚШ, Хитой, Жанубий Кореа, Япония, Финландия, Швеция бунинг ёрқин мисолидир.

     Инсон капитали бу - даромад келтирадиган инсон қобилиятидир. Инсон капиталининг таянч асосини инсон капитали ташкил этади. У ишчининг махсус таълим, касб-ҳунарга тайёрлаш ва ишлаб чиқариш тажрибаси асосида тўпланган билимлари, уларни амалга ошириши ва маҳоратини ифодалайди. Инсон капитали тушунчасининг вужудга келишининг илк даврларида мазкур тушунча меҳнатга лаёқат ва кўникма билан чегараланиб қолган. Узоқ вақтлар давомида инсон капитали ижтимоий омил сифатида қаралган, иқтисодий нуқтаи назардан эса таълим-тарбияга инвестиция моддий аҳамият касб этмаганлиги сабабли харажат деб, ҳисобланган. ХХ асрнинг иккинчи ярмига келибгина инсон капитали ва таълимга бўлган муносабат ўзгариб борди. Инсон капитали ҳар бир кишининг заҳирадаги билим ва малакаларидир. Таълим, профессионал тажриба тўплаш, соғлиқни муҳофаза қилиш, ахборотларни тўплаш инсон капиталининг манбаидир.   

      Жаҳон банки томонидан доимий равишда дунё мамлакатларида инсон капитали, ҳолати “Инсон капитали” индекси шаклида таҳлил этилиб, натижалари эълон қилиниб борилади. 2020 йил учун “Инсон капитали” индекси эълон қилиниб, дунё аҳолисининг 98 фоизи истиқомат қилувчи 174 та мамлакат иштирок этган мазкур рейтингга илк маротаба Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига оид маълумотлар ҳам киритилди. Ушбу маълумотлар 2020 йил март ойигача бўлган даврни қамраб олади ва COVID-19 пандемиясигача болалар саломатлиги ва таълимининг асосий кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади. Инсон капиталига инвестиция (инсон ҳаёти давомида тўпланган билим, кўникма ва саломатлик) боланинг салоҳиятини намоён этиш ва ҳар бир мамлакатда иқтисодий ўсишни жадаллаштиришда асосий рол ўйнайди.

     2020 йилга қадар Ўзбекистон Республикасининг маълумотлари “Инсон капитали” индекси рейтингида эълон қилинмаган. Жаҳон банки томонидан 2020 йилда эълон қилинган “Инсон капитали” индексида Ўзбекистон ҳам илк маротаба иштирок этди. “Инсон капитали” индексида Ўзбекистонда туғилган боланинг балоғат ёшига етганидаги меҳнат унумдорлиги, белгиланган таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштирган ва тўла соғлом бўлган шароитда меҳнат унумдорлиги 62 фоизни ташкил қилди. Ушбу кўрсаткич Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткичдан пастроқ, аммо даромад даражаси ўртачадан паст бўлган мамлакатларнинг ўртача кўрсаткичидан анча юқори. Яъни, Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ичида Беларус Республикаси (70 фоиз), Россия (68 фоиз) ва Қозоғистон (63 фоиз)дан кейинги ўринга жойлашган.

Жаҳон банки томонидан 2020 йилда эълон қилинган “Инсон капитали” индекси натижаларига кўра:

5 ёшгача яшаб қолиш даражаси. Ўзбекистонда туғилган 100 боладан 98 нафари 5 ёшгача яшаб қолади;

Кутилаётган таълим олиш муддати. Прогнозга кўра, Ўзбекистонда 4 ёшдан бошлаб мактабгача таълим олаётган бола учун, 18 ёшга келиб, таълим олиш муддати 12 йилни ташкил этади;

     Умумлаштирилган тест натижалари. Ўзбекистондаги талабаларнинг таълим натижалари 474 баллни ташкил этган, бу ерда энг юқори таълим натижалари 625 балл, энг паст даражадаги таълим натижалари эса 300 баллга тўғри келади;

      Таълим сифатига қараб таълим олиш давомийлиги. Ўқувчилар томонидан ҳақиқатан ҳам олинган билимларнинг миқдорини ҳисобга олган ҳолда, мактабда кутилаётган таълим давомийлиги атиги 9,1 йилни ташкил этади;

     Катта ёшдаги аҳолининг яшаш салоҳияти. Ўзбекистонда ушбу
15 ёшдагиларнинг 87 %и 60 ёшгача яшайди. Ушбу статистик бирлик билвосита индикатор бўлиб, бугунги кунда туғилган бола вояга етганида ҳозирги шароитда соғлиқ билан юзага келиши мумкин бир қатор хавфларни инобатга олади
;

      Соғлом ўсиш (нуқсонсиз ривожлананаётган болалар улуши). 100 боладан 89 нафари ривожланишдан орқада қолмайди. 100 боладан
11 нафарида ривожланишда кечикиш ва умр давомида когнитив ва жисмоний чекланишлар хавфи мавжуд.

      Инсон капиталининг асосий кўрсаткичларидан бири таълим соҳаси бўлганлиги боис, жумладан, олий таълим соҳасини  ривожлантириш бўйича  мамлакатимизда кейинги йилларда таълим сифатини баҳолашни халқаро стандартларга мослаштириш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, инновацион илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш орқали таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5847-сон Фармонининг тасдиқланиши бунинг яққол исботидир.

       Юртимизда сўнгги тўрт йил мобайнида олий таълим муассасаларининг сони 50 тага ортиб, ҳозирги вақтда мамлакатимизда 135 та олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йилдан-йилга кенгайиб, юртимизда 25 та нуфузли хориж олий таълим муассасаларининг филиаллари ва 10 та нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилди.  2016-2020 йилларда олий таълим муассасаларида сиртқи таълим бўйича 71 та, кечки таълим бўйича 18 та, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 134 та, магистратура мутахассисликлари бўйича 147 та янги таълим шакллари, йўналишлар ва мутахассисликлар жорий этилди. Сиртқи ва кечки таълим шакллари қайта тикланиши  натижасида ёшларни олий таълимга қамров даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етишга эришилди Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш (бакалавриат) олиш 2019 йилда 20 % бўлган бўлса, 2020 йилда 25 %дан ошди.

       Ҳар бир инсон ўз қобилиятидан унумли фойдланиш орқали маънавий, иқтисодий комилликка эришиш мумкин. Мамлакат миқёсида уларнинг  улушни кўп бўлса, ўша жамият ҳар томонлама юксакликка эришади. Ана шу сабабли, юртимизда инсон капитали ривожлантириш бўйича олдимизда қилиниши керак бўлган кўплаб вазифалар турибди. Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда инсон  капиталини янада ривожлантириш юзасидан  қуйидаги таклифларни  баён қиламиз:

- Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш бўйича стратегик дастурини ишлаб чиқиш;

- иқтисодиётда инсон капиталининг сифати ва сони инновацион ривожланишнинг омили ҳисобланиши боис, ҳудудлар ва туман (шаҳар)лар, корхона ва ташкилотлар даражасида инсон капиталининг ривожланиш ҳолати, ривожларниш истиқболларини чуқур илмий асосда тадқиқ этиш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш юзасидан “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиш;

- таълим соҳасида – касбий стандартларни такомиллаштириш, меҳнат бозорида рақобатбардошликни таъминлаш бўйича таълим тизимидаги малака моделларини иқтисодиётнинг малака талабларига мувофиқлаштириш;

- инсон капиталини бойитиш мақсадида илм-фан, таълим ва бизнес интеграциясини кучайтириш;

- соғлиқни сақлаш тизимида – аҳолининг касалликка чалинишининг тиббий ва ижтимоий олдини олишга, касалларни реабилитация қилишга қаратилган фаол сиёсатни олиб бориш;

- саломатликни асраш билан боғлиқ инвестициялар меҳнатга лаёқатсизликнинг йўқотилишини имкон қадар камайтириш, инсоннинг фаол ҳаёти (инсон капитали фаолият кўрсатадиган вақт) даврини узайтиришга йўналтириш;

- ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига фаолроқ ва онглироқ муносабатини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш.

 

 

Элёр БОБОМУРОДОВ,

Олий таълим тизимида статистика маълумотларини

шакллантириш, стратегик таҳлил ва истиқболларни

аниқлаш бўлими етакчи мутахассиси